Мамлакатимизда “маҳаллабай” тизимининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида жойлардаги муаммолар атрофлича ўрганилиб, уларга ўз вақтида ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти, аввало, маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла — жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт”, дея таъкидлаган эди.

Президент топшириғига биноан шаклланган “маҳаллабай” тизими – аҳоли билан ишлашнинг энг самарали ва анъанавий механизмига айланиб, мазкур тизим асосида халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароити янада яхшиланмоқда.

“Ипотекабанк” АТИБ Навоий вилояти филиали ходимлари ҳам “маҳаллабай” тизими асосида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Улар мазкур тизимнинг самарали амалга оширилиши юзасидан Нурота туманига бириктирилиб,  ўрганиш ишларини олиб борди.

Бугунги кунда туманда 28 та маҳаллада 15 минг 555 та хонадонда 86,4 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 71 нафари “Темир дафтар”га, 1610 нафари “Аёллар дафтари”га ва 2405 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган. Ўрганишлар давомида 1112 та муаммо аниқланди.

Маҳаллабай юриш натижасида 240 нафар ёш доимий ишга, 440 нафар ёш “Ёшлар 1+1 дастури”га бириктирилди ҳамда 81 нафар ёшлар тадбиркорликка ўқитилиб, сертификатлар топширилди.

– Ўзим “Мустақиллик” маҳалласида яшайман, – дейди  Олим Жуманазаров. – Ўрганишлар жараёнида “Ёшлар дафтари”га киритилдим. Ўзим темирчиликка қизиқаман ва мазкур йўналишда тажрибам ҳам бор. Банк ходимлари томонидан ўзим истиқомат қиладиган уйда темир дарвоза ва эшиклар ясаш учун шароит яратилди.

Унга “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 30 миллион сўм кредит ажратилишида кўмак кўрсатилиб, темир дарвоза ва эшик ясашни ташкил этиш орқали ўзи каби 2 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди.

– Ўрганишлар жараёнида маҳаллаларда 658,3 км ички йўлларнинг 369 километри таъмирталаб аҳволда эканлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, таъмирлаш ишларига қарийб 91 миллиард сўм маблағ талаб этилиши маълум бўлди. Шунингдек, 219 километр электр энергия узатиш тармоғини тортиш, 213 та  трансформаторни янгидан ўрнатиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш зарурлиги аниқланди. Ҳозирда, 400 дан зиёд симёғоч алмаштирилди ва 3 та трансформатор ўрнатилди, – дейди банк бошқарувчиси ўринбосари Ҳамза Бобомуродов.

Нурота тумани асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бўлиб, банк ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлардан кейин 3 та қишлоқ хўжалиги ҳамда 2 та паррандачилик кооперативлар фаолияти йўлга қуйилди. Уларга 190 нафар ишсиз фуқаролар аъзоликка жалб қилиниб, бандлиги таъминланди.

Шунингдек, ҳунармандчилик йўналишида “Нур Сўзана – 2020” ва “Нурота ҳунарманди” ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси томонидан 240 миллион сўмлик субсидия ажратилиши натижасида 100 га яқин “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтаридаги хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Туманни 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қийматдаги 649,7 миллиард сўмлик 302 та янги инвестиция лойиҳалари шакллантирилиши натижасида 1056 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

– “Маҳаллабай ишлаш” тизими бўйича хонадонларда уйма-уй юриш жараёнида фуқароларнинг тадбиркорлик истаклари ва ташаббуслари ўрганилиб, умумий қийматдаги 125,8 миллиард сўмлик, шундан, 28,7 миллиард сўм банк кредити маблағлари ажратилиши ҳисобига жами 274 та янги инвестиция лойиҳалари дастури шакллантирилиши натижасида 580 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланди, – дейди “Ипотекабанк” АТИБ вилоят филиали бошилиғи Дилзод Якубов. – Жумладан, тумандаги “Қизилча”, “Амир Темур” ва “Янгитурмуш” маҳалла фуқаролар йиғинларида умумий умумий қийматдаги 6,9 миллиард сўмлик 3 та янги тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 200 дан ортиқ “дафтарлар”даги ишсиз фуқароларнинг доимий бандлигини таъминланиши режалаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, “Деҳибаланд” МФЙда “Кўҳна Нурота боғлари” МЧЖ томонидан туризм хизматлари, умумий овқатланиш, савдо ва дам олиш масканини ташкил этиш учун умумий қийматдаги 1,4 миллиард сўмлик,  “Жарма” МФЙда эса “Нурота-голден-грапес” МЧЖ томонидан қиймати 1 миллиард 375 миллион сўмлик узумчилик лойиҳаси ҳамда “NUR GOLD MMM” МЧЖ томонидан умумий қиймати 2 миллиард 520 миллион сўмлик боғдорчилик лойиҳаси юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда 11,8 миллиард  сўмлик 32 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга қабул қилиниб, 65 та доимий янги иш ўринлари яратилган.

“Ипотекабанк” АТИБ вилоят филиали томонидан туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамига ўтказиб берилган 100 миллион сўм хомийлик маблағи эвазига 53 та хонадонга ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 13  нафар тикувчилик қилиш истагида бўлган хотин-қизларга ҳомийлик асосида тикув машиналари беғараз тарқатилди.

Албатта, “Ипотекабанк” АТИБ вилоят филиали ходимлари томонидан “маҳаллабай” тизими доирасидаги ўрганишлар, аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал этиш юзасидан манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, аҳолига керакли ёрдам кўрсатилиши давом эттирилади.

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan